Полианна

Одам яхши асар ўқиганида гўё анчадан бери кўрмаган дўстини кўргандек хурсанд бўлиб кетади, дунёнинг бор ташвишини унутиб китоб ичига гўё кириб кетади. Элинор Портернинг Полианна китобини ўқиш жараёнида мен ҳам ана шундай ҳолатга тушдим. Атроф бир зумда жим жит бўлиб қолдию, Полианна исмли қиз билан бирга сайр қилдим. Ўсмир қизчанинг ҳар бир гапи менга гўё кўзгу тутгандек бўлди. У тўшакка михланган бемор олдига бораркан, сиз оёқ қўлингиз қимирлаётганига хурсанд бўлишингиз керак деди. Йўлида учраган одамдан камчилик эмас фазилат ахтараётган қизчадек бир кун яшаб кўрсам, худди бир сандиқ бойлик топгандек хурсанд бўлиб кетдим. Рости,  Полианнанинг ҳар бир нарсадан яхшилик топиш ўйини ҳаётимизни енгиллаштирибгина қолмай, ундан завқланишни ҳам ўргатади. Тақдир тақозоси билан етимлик заҳрини тортаётган қизча бағритош холаси қалбини юмшатишга ҳам эришди, унга инсондек яшаш илмини ўргатди. Асар бутунлай бошқа юртда ёзилган, воқеалар биздан олисда бўлгани билан муаммолар бизга яқин. Жуда жуда яқин. Масалан, Полианнага холаси дарслардан иборат кун тартиби белгиларкан, у холажон, буунча дарс қилсам қачон яшайман ахир деб сўрайди. Дарҳақиқат, нафақат ўзимиз балки гоҳо фарзандларимизга ҳам шунақанги кўп юклама юклаймизки, у завқланиш, тўйиб шўхлик қилишни ҳам унутиб қўяётгандек. Полианнанинг шаҳди, шижоати ва гаплари бизни ўзи ёшку, тақдир зарбасидан улғайган қизнинг дардларига шерик қилади. Ҳар бир кунимиз, дақиқамиздан шукроналик билан унумли фойдаланиб қолишга ундайди. Ҳамма нарсадан яхшилик қидираверсангиз, кўнгилсизликлар ўз ўзидан эсдан чиқади. Қаҳрамоннинг ушбу гапи, кўнгилларга малҳам берибгина қолмай, гўё димиққан хонага кирган тоғ ҳавосидек одамни хурсанд қилади.

Изоҳ қолдириш

Эслатма: HTML белгиларга ижозат йўқ! Оддий матндан фойдаланинг.
    Ёмон           Яхши

Полианна

  • Кўрилган: 20
  • Нашриёт: Бошқа нашриётлар
  • Маҳсулот коди: 2018
  • Мавжудлиги: Мавжуд
  • Муаллиф: Элинор Портер
  • ISBN: 978-9943-999-92-3
  • Бетлар сони: 256
  • Китоб тили: O'zbek
  • Муқоваси:Қаттиқ
  • Йили: 2018
  • 28000 сум